Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан қайтган нишонлик йигит ҳамқишлоғи бўлган беш яшар қизчани зўрлаганликда айбланиб, ҳибсга олинди.
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 28 октябр куни Меҳнатобод қишлоғи яқинидаги пахта даласида беш яшар қизни зўрлаганликда айбланиб, шу қишлоқ фуқароси Ҳиммат Чориев ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Унинг айтишича, айни пайтда Ҳиммат Чориевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Меҳнатобод қишлоғида истиқомат қилувчи Озодлик манбаси бу ҳодиса ҳақидаги хабар қишлоқ аҳлини ларзага солди, дейди:
Россияда меҳнат муҳожири эди. Ўша куни у ичиб олиб кечқурун соат олтиларда бир жойдан келаётса бояги қизча далада қўй боқиб турган бўлган. Қишлоқни чеккаси, унча узоқ эмас. Ҳақиқатан ҳам ўша ифлос далада беш яшар қизчани зўрлаган. Бу воқеани бир ёш бола кўриб қолиб, югуриб бориб бир ёши каттароқ одамга айтган. Улар келиб шу воқеанинг гувоҳи бўлишган,- дейди меҳнатободлик бу одам.