Нишолда миллий ширинлик бўлиб, одатда тўйларда, тантаналарда, ҳайит кунларида, рўза вақтларида тайёрланади.
Нишолда аслида Ўрта Осиёга Ҳиндистон, Покистон каби мамлакатларидан кириб келган. Ҳиндистонда нишолдага пушти ранг қўшилади, уларнинг бирор-бир байрамини ушбу ширинликсиз тасаввур қилиш қийин. Бизнинг Ўрта осиёликлар эса нишолдани Рамазон ойида тайёрлашади.
Кўпчиликнинг севимли ширинлиги қандай тайёрланишини кузатиш мақсадида, Ўшдаги мана шундай нишолдачилардан бири Мухаммадамин Исмаилов хонадонига ташриф буюрдик. 30 йил аввал Қўқон шаҳрига бориб нишолда тайёрлаш усулини ўрганиб келган Мухаммадамин ака ҳозирги кунгача Рамазон ойида ўшликларни нишолда билан таъминлаб келади.
Нишолдани тайёрлаш учун унча катта ҳаражат талаб килинмайди. Уни тайёрлашда мис қозон, беҳи шохидан тайёрланган чилчўп ва беҳи шохидан тайёрланган ёғоч қошиқ ва капгир керак бўлади. Масаллиққа эса оддийгина тухум, шакар ва етмей дарахтининг илдизи бих керак бўлади. Дастлаб етмак дарахти илдизи қайнатилиб, унинг шарбати совутилади. Кейин эса тухумнинг оқи билан яхшилаб кўпиртирилади.
Иш жараёнини кузатиб нишолда тайёрлаш осон эмаслигига гувоҳ бўлдик. Мухамадамин аканинг айтишига қараганда тайёр масаллиқни тайёрлаш учун салкам икки соат керак бўлади.
Мадаминжон ака нишолданинг сир-асрорларини мерос қатори фарзандларига, набираларига ҳам ўргатиб келмоқда. Қандолатчи Мухаммадамин ака тайёрлаган нишолдалар нафақат Ўш шаҳрига балки узоқ яқин районлардан келган харидорлар томонидан олиб кетилади.
Кўпчилигимиз севиб истеъмол қиладиган нишолда инсон соғлиги учун айниқса ошқозони учун фойдали бўлиб ҳисобланади. Айниқса рўза тутган инсон организмида очликдан силласи қуриган хужайралар ифторлик вақтида турли таомлардан жабрланиши мумкин. Нишолда эса шу вақтда амортизатор ролини ўйнаб, витаминга бой бўлган енгил ширинлик ҳисобланади.