Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари дам олаётган “Меҳрибон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Миллий гвардия қошидаги Болалар психологияси маркази мутахасислари ва “Pakhtakor kids” футбол мактаби мураббийлари томонидан кўнгилочар тадбир: “Флинт ғори” квести ташкил этилди.
Стивенсоннинг “Хазиналар ороли” романи қаҳрамонлари сингари оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар ҳам ушбу “орол”да яширинган ҳазинани излаб топишлари керак бўлди. Орол вазифасини ўташ учун эса Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бирида жойлашган оромгоҳ ҳудуди ўтади, “ҳазина” эса ташкилотчилар томонидан тайёрланган совғалар бўлди.
Уч босқичли саралаш босқичидан 39 нафар бола мувафаққиятли ўтди. Шундан кейин улар учта жамоага бўлинган ҳолда квест йўлакларидан ўтишди. Иштирокчиларнинг ўзлари гуруҳга ном қўйдилар ва ва капитан танладилар. Квест шартларига кўра, ҳар бир жамоа маскотерапияси, арттерапия ва лойтерапияси бўйича мутахассис-психологлар ўтказган учта синовдан ўтишди.
Шуниси эътиборга лойиқки, синовлардан ўтишнинг мақсади нафақат болалар учун психологик маслаҳатнинг бир турини ўтказиш, балки ижодий қобилиятларни, ҳиссиётларни, фикрлашнинг мослашувчанлигини ва жамоада ишлаш қобилиятини намойиш этишдан иборат. Бундан ташқари, ҳар бир синов болаларга ҳис-туйғуларни тан олишга (ниқоб терапияси), расм чизиш орқали миянинг ўнг ярим шарини ривожлантиришга ва шу тариқа ижодий фикрлашни ривожлантиришга (арт терапия) ва майда моторика кўникмалар (лой терапияси) орқали асаб толаларини ривожлантиришга ўргатишга кўмаклашади. Якуний босқич тезкорлик, ҳушёрлик ва аниқлик синови бўлди: иштирокчилар камондан маълум тасвирлар билан нишонларга ўқ уздилар, камон ўқлари отишдан олдин турли рангдаги бўёқларга ботирилди.
Саргузаштли квестда деярли барча 137 нафар ўқувчилар қатнашди. Кичкина болалар ва саралаш босқичидан ўта олмаган иштирокчилар учун Болалар психологияси маркази мутахассислари алоҳида ўйин майдончаларини ташкил этди. Уларнинг бир қисми камондан отиш мусобақасида иштирок этган бўлса, қолганлари, “Pakhtakor kids” спорт клуби томонидан ташкил этилган футбол машғулотларига қатнашишди, марказ мутахассислари эса шинам сайр майдонида болалар билан ривожлантириш машғулотларини ўтказишди.
Якуний натижаларга кўра мусобақада 13 та иштирокчи ғолиб бўлиб, “Флинт хазиналари” – Болалар психологик маркази психологлари ва “Pakhtakor kids” футбол мактаби мураббийлари томонидан тайёрланган сюрпризларни қўлга киритди.
Тадбирда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Гулчеҳра Насирова бошчилигидаги мутахассислар ва Миллий гвардия қўмондонлиги вакиллари меҳмон сифатида иштирок этди.
Тадбир Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг концерт дастури ҳамда “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларининг бадиий чиқишлари билан якунланди.