https://quranenc.com/en/browse/uzbek_...
63. Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизаларни келтиргач, деди: «Мана мен сизларга Ҳикмат — Инжил билан, сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!
64. Албатта Аллоҳнинг Ўзи Парвардигорим ва Парвардигорингиздир, бас, (ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».
65. Сўнг (Насронийларнинг ичидан чиққан) фирқалар (Ийсо хусусида, айримлари уни «худо», деб, айримлари «Худонинг ўғли, деб) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли Кун (Қиёмат)нинг азоби — ҳалокат бўлгай!
66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида (Қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутадилар, холос.
67. У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар).
68. (У Кунда уларга айтилур): «Эй бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар.
69. Улар Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган зотлардир.
70. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!»
71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.
72. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир.
73. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.
И з о ҳ. Мазкур оятларда беш кунлик дунёда тақво билан яшаб ўтган мўмин-мусулмонларга мерос қилиб бериладиган жаннатдаги ноз-неъматлар беадад ва мангу боқий, боғ-мевалари эса хазон билмас эканлиги баён этилди. Энди динсиз осийларнинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида хабар берилади.
74. Албатта жиноятчи кимсалар (яъни, кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар.
75. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар!
76. Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.
77. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди.
78. Аниқки, Биз сизларга Ҳақ — Қуръонни келтирганмиз, лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар.
79. Балки улар (яъни, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга суиқасд қилиш учун) бирон ишга қарор қилгандирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (Ўз пайғамбаримизга уларнинг макрларидан нажот бериб, у суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок этишга) қарор қилгувчидирмиз.
80. Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар!
81. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, «Аллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлур эдим, (лекин У зотнинг боласи ҳам, оиласи ҳам йўқдир)!»
82. Осмонлар ва Ернинг Парвардигори, Арш Эгаси (бўлган Аллоҳ) улар сифатлаётган айблардан покдир!
فَذَرۡهُمۡ يَخُوضُواْ وَيَلۡعَبُواْ حَتَّىٰ يُلَٰقُواْ يَوۡمَهُمُ ٱلَّذِي يُوعَدُونَ
83. Бас, сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинган Кунга рўбарў бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйнаб-кулиб юраверсинлар!
84. У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, Ерда ҳам илоҳ бўлган Зотдир. У ҳикмат Эгаси ва билгувчидир.
85. Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсалар подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зот баракотли — буюкдир. (Қиёмат) соати ҳақидаги билим ҳам ёлғиз Унинг ҳузуридадир. Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.
86. (Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида Ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).
87. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар. Бас, (Ўша яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!
88. (Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат, ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур).
89. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!
telegram: https://t.me/UzbQuron