Орзуси бор йигит (эди)

Опубликовано: 13 Июнь 2026
на канале: Fozil Farhod
1,060
11

  ОРЗУСИ БОР ЙИГИТ (ЭДИ)

Мансур ҳақида ўткан замонда гапириш осон бўлмаяпти. Бугун кўзига қараш ҳам осон эмасди. Аммо шу дамда у билан боғлиқ бир воқеани эслагим келди.
Бу йил Рамазон ҳайити муносабати билан кетма-кет уч кун дам олдик. Дам олишнинг 3-куни 12 апрелга тўғри келди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати журналист, ижодкор ва блогерлар учун Паркент туманида пресс-тур ташкил этди. Эҳсондан қайтаётиб, Мансурниям тадбирга чорладим. У рози бўлди. "Орзуни олсам, бўладими?" деди. "Бўлади", дедим. Сўнг мен ҳам ўғлимни оволдим. Болалар бора-боргунча мошинада ўйнаб кетди.
Пресс-тур иштирокчилари тушгача Қизил тоққа борган. Биз уларга тушлик маҳали қўшилдик. Паркент марказидан Ҳожикўл (Аччиқкўл)га бир соатларда етдик.
Ўша кунлари шифокорларнинг шундай гапини эшитган эдим. Ҳозир шаҳарда туғилган болаларнинг кўриш қобилияти пасайиб кетаётган экан. Чунки болалар кўп қаватли уйда катта бўляпти, уларни айлантираман десангиз, шаҳарда яшил жойлар кўпмас. Кўз яшилликни кўрмаса, шундай нуқсон бўларкан. Балки ўшанда Худо буни Мансурнинг кўнглига солгандир. Шу учун у Орзуни ўзи билан уйдан олиб чиққандир.
Ўша куни Орзу ва Элгиз жуда яйради, адирлар бағрида чопиб-чопиб ўйнади, кўзлари яшилликка тўйди. Болаларни бирга шундай жойларга тез-тез олиб чиқиб туриш керак, дегандим ўшан ўзимга. Кейин оилам ҳамда Мансур ва оиласини олиб шундай жойларга боришни юракка тугдим. Аммо у билан бундай саёҳат қилиш бизга бошқа насиб қилмади.
Мансур орзуси бор йигит эди. Ҳали ёзадиган асарлари кўп эди. Ер сотиб олиб ҳовли қурмоқчи эди. Афсус! Жаннат ёшида жаннатга кетган бўлсин, илойим!
Ўша куни Мансур: "Орзуни олсам, бўладими?" демаганида болалар яшилликдан, завқли кундан бенасиб қоларди. Унинг болажон эканини шунданам билса бўларди.
Дўстлар, орзунгизни уйда қолдирманг, уни доим ёнингизда олиб юринг! У сиздан ажралмасин!
Мансур, сизнинг йўқлигингиз ёмон тушга ўхшайди. Қани, уйғониб кетсак. Шундай бўлишини жуда истаяпман!
Дўстим, биздан рози бўлинг! Биз сиздан мингдан-минг розимиз!
Тилла инсон, баҳосиз шоир эдингиз! Хотирамизда ҳам, тасаввуримизда ҳам шундай қоласиз!
Болаларингизни ташлаб қўймаймиз! Уйингизни тўловиниям кўпайлашиб тўлашни ўйладик!

Эскартма: бу сурат ва видеолар муаллифлари Мансур ва мен. Мен борларини у олган, у борларини мен олганман. Видеода негадир ўғлимни сизлаб, Орзуни сенлаган эканман. Бу, менимча, уни ўзимга яқинроқ олганимдан бўлса керак.

Фозил Фарҳод