ОСМОН
Ҳаммасини кўриб турасан,
Бирон нима демайсан лекин.
Булут ила мажлис қурасан,
Муҳокама қиласан секин.
Баъзан ёмғир бўлиб йиғлайсан,
Йиғлаб юборасан ҳатто қор.
Ҳайқирасан, чақмоқ чақасан,
Бардош бермоқ бўлганда душвор.
Баъзан очиқ, баъзида ёпиқ,
Гоҳо мовий, гоҳо - кулранг сен.
Бардошингга офарин, бўшлиқ,
Бунчалар ҳам бағринг ҳарир, кенг?
Кўриб туриб ноҳақликларни,
Вазмин тураверасан қатъий.
Жим турасан асрлар бўйи
Файласуфдек - кўзлари мовий.
Тўлғонади уммон, титрар ер,
Индамайсан, сақлайсан сукут.
Кўкрагингда юлдузлар бисёр,
Нишонларинг кумушми, ёқут?
Балким орден, медалларингдир,
Кўксингдаги Ой, олтин Қуёш?
Балким улар унвонларингдир,
Аталгувчи Тоқату Бардош?
Кузатмоқлик эрур вазифанг,
Бу оламнинг асл фахрисан.
Сир-асрорга тўла ҳур жуссанг,
Балким Яратганнинг бағрисан?
Раҳим КАРИМ.