ШАМОЛ
Оллоҳ сенга изн берди, чор тарафга учавер,
Ҳайиқмасдан эмин-эркин кенгликларни қучавер.
Не қилардинг солиб қўйса тор қафасга қуш қилиб,
Шарқдан Ғарбга, Шимол, Жануб томон қанот ёзавер.
Дерлар: шамол фақат зиён келтиргайдур оламга,
Парво қилма, лайлакларни фалакда учиравер.
Тегирмонни айлантиргин, ун бўлсин то дон, бошоқ,
Ер юзини тозалаб сен, ғуборни супуравер.
Олам юзин соф айламоқ Худо берган юмушинг,
Изғиб, увлаб, қуюн, бўрон, тўзон бўлиб елавер.
Балким оққуш эмассан сен, балким бургут эмассен,
Алар сендин ўргансин парвоз қилмоқни, учавер.
Шамолларга қиёс этсанг гар умринг, Абдураҳим,
Кимдир кўча супурмоққа яралган, супуравер.