Гуландом ТОҒАЕВА
Бу дунёда ошиқ кўп
(“Лайли ва Мажнун” достонига шарҳ)
Фикримда бир йиғи бор,-
Уни қайга тўкай мен?
Ғам, сенга чўкмам, чўксам,
Бир кемадек чўкай мен!
Юрагимда бир ўт бор,-
Тушмас қоғозга буткул.
Чунки борган жойини
Айлайди ёндириб кул.
Юрагимда бир ўт бор,-
Ўчиролмас суву сел,-
Ҳижоздаги ҳей одам,
Гулханларда исин, кел!
Каъбага кетар йўлнинг
Бир эшигидир-бу дил.
Қулфидур-меҳр шафқат,
Калит: “Аллоҳдан қўрққил!”
Бу курранинг ўқини
Мойлаб қўяйин дерман.
Сен бердинг ишқ чўғини,-
Эплаб суяйин, дерман!
Охири йўқ-ишқдир бу,
Поёнсиз ҳижрондир бу.
Имконсиз қолган ошиқ
Ёзган достондир бу.
Бу дунёда кўмир кўп, -
Ҳаммаси қалам эмас.
Бу дунёда ошиқ кўп, -
Ҳаммаси одам эмас.
Фикримда бир йиғи бор,
Уни Қайга тўкай мен?!.