Адиба УМИРОВА шеъри
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР ўқиди.
Севги!..
Мени қаттиқроқ сев
бир он, бир нафас,
Бир кунни ҳам йўқотмагин ҳа, аввал бошдан.
Авра, алда, озорлар бер,
хурсанд бўламан,
Осони йўқ бу дунёда мени алдашдан.
Бир йилгача чўзилса ҳам майли,
қўйворма,
Кейин ушлаб қололмайсан -- ёмони ўша.
Учсам
қайтиб тузоғингга тушмасман балки,
Истаганча тентаклик қил, кўнглимни ғашла.
Севги!
Мангу чўзилмайди
бу сўзни дадил
айтяпман титраб ҳазин (қизлик) овозим билан.
Иккимиз ман этсак ўлар,
хоҳласак яшар,
Бошқаларга нима?..
Барибирдир биламан.
Мен учишни истамайман,
тугашини ҳам
Аҳдлар бузилмаса, дейман
аммо қаерда?
Севги!
Фақат сенга очман, сенга ташнаман,
Сендан бошқа ҳамма нарса устун бу ерда!