Қўл меҳнати ва тактил ҳислар ҳақида

Опубликовано: 17 Апрель 2026
на канале: Комилжон Abdulloh
3,858
91

Инсон соғлом бўлиши учун, биринчидан, нимадир хобби керак. Хаёлни чалғитиш учун. Қолаверса, минг йиллаб одамлар овчилик қилган, ерда ишлаган. Бу компьютер ё қоғоз орқали тирикчилик қилиш охирги 50-70 йилги нарса. Ҳаракат керак, қўл меҳнати керак.

Мия соғлом бўлиши учун тактил ҳислар керак (яъни ушлаб кўрадиган нарсалар билан машғул бўлиш керак), ҳидлар билан, ранглар билан ишлаш керак.

Овқат пишириш, боғбончилик, дурадгорчилик, чармдан нарса ясаш, отбоқарлик, чўпонлик, — буларнинг ҳаммаси шулар жумласига киради. Одам ҳаракатда бўлмаса, жисмоний стимуляция олмаса, тез орада деградация бўлади, айниқса эркаклар бунга тез дучор бўлади.

Қолаверса, ритуалларнинг ўз ўрни бор — алал оқибат психикани мустаҳкамлайди, иродани тоблатади. "Замонавий" шахслар буларнинг тескарисини қилмоқчи бўлади: овқатни тайёрини сотиб олади; келинига эрталаб ҳовли супиртирмайди — эскилик сарқити, деб ўйлайди; аёллар ақилли бўлиб кетган, эри билан алоқани "қимматлаштириб юборишган", ваҳоланки жимоъ ўзларига фойда, жисмоний стимуляция бўлади; итига қарашга, боғига қарашга одам ёллашади; пиёда юриш ўрнига машина минишга ошиқамиз, ақилли одамлар эса от минишга ишқибоз, от миниш инсонни ҳар томонлама кучайтириб юборади.

Бошқа муҳим сабаб — психикага нагрузка керак. Яъни етарлича машғулотлар ва стресс зарур. Аёллар психикаси учун фақат фарзандларга қараш етарлича оғир иш бўлиши мумкин. 5-10 бола ўрнига биттасини туғиб, кейин банкка ишга киради, ана кейин "от ўйини" бошланади. Феминизмнинг бузғунчилиги ҳам шунда — руҳан ўта кучли мавжудотларни бўлар-бўлмас нарсалар билан чалғитамиз. Ва, умуман, эркак-аёллар учун қандайдир қийинчилик керак бўлади. Масалан, вақт озроқ етмаслиги керак, кимнидир парваришлаши лозим ва ҳоказо. Яҳудлар нима учун катта самарадорликка эришадилар? Чунки ўзлари учун фақат бир-икки соат қолади, қолган вақтлари ўта қаттиқ регламентга буй сунади, туриши билан қадамма-қадам режалаштирилган.

Шунинг учун ҳаётни ўта оптимизация қилиш ҳам фойда бермайди: баъзи бирлар вақтдан тежайман, деб, ҳамма ишни бошқаларга топшириб қўяди (уй тозалаш, овқат пишириш, бозорлик қилиш ва ҳоказо), қарабсизки, вақт ўтиши билан заифлашади. Биз ортиқча деб қараган ишлар аслида бизни соғлом, кучли, иродали ва вақтни қадрлайдиган қилади.