Мучал йилининг 1954, 1966, 1978, 1990, 2002, 2014 ва 2026 йиллари От йилига тўғри келади. От йилида туғилган инсонларнинг кучли томонлари – улар қувноқ, ақлли, эпчил ва мустақил. Камчиликлари – ўта мағрур, ўзгарувчан ва қўпол. Ҳаётга бўлган битмас-туганмас чанқоқлик ва ҳаяжон Отларга хос. От – алоҳида ёрқин шахс, доим атрофдагиларни ўзига тортади. Сайру саёҳатларсиз ўзини ёмон ҳис қилади, бир жойда ўтиришни хоҳламайди, ҳаракат эркинлигини яхши кўради. Бу йилда туғилганлар кўпинча ўзаро тушунишда қийинчиликларга дуч келади. Бошқаларнинг нуқтаи назарини қабул қила олмаслиги сабабли атрофдагилар билан уйғунликка эришиши қийин. От ўзи ишлаб топганини қадрлайди. У тежамкор, қулай ва тўкин ҳаётни яхши кўради. Отларга байрамлар ва меҳмондорчиликлар ёқади. Уйдан ташқаридаги йиғинлар ва дўстлар даврасини ёқтиради. Қувноқлиги учун у давраларнинг ёқимтойи. От йилида туғилган инсонлар жуда иқтидорли бўлишади, кийинишда ва услубда алоҳида ажралиб туришади. Улар соғлом ва жисмонан чидамли. Ўйлаган мақсадларига етиши ва ижтимоий мавқени ошириши учун у ўз устида ишлаши керак бўлади.
Отлар жуда зийрак, воқеа-ҳодисанинг моҳиятини тезда илғаб олади, ишларда чаққон, янгиликлар ва янги билимларни ўзлаштириши осон. Олдиндан сезиш қобилияти кўпчиликни ҳайратга солади. Отлар атрофдагиларнинг талабларини яхши қабул қилиши ва уларга мослашиши мумкин, лекин ҳеч қачон шахсий эркинлигини йўқотмайди. Пул ишлаб топиш ва оиласи фаровонлигини таъминлашни билади.
От йилида туғилганлар ўзгарувчан ва ғурури баланд, ўзидан ожиз кўринган кишиларга юқоридан қараши мумкин. Муносабатларда бироз дағалроқ бўлишса-да, Отлар жуда ишонувчан кишилар. Қайсарлиги жамиятда юқори мақомга эришишида тўсқинлик қилади. Мустақил фикрлари ва кескин баҳслари билан суҳбатдошларини ранжитиб қўяди.
От йилида туғилган эркаклар мақсадга интилувчанлиги ва киришимли феъл-атвори билан жамоада яхши обрўга эга бўлади. Отлар болаликдан ота-онаси ва яқинларининг гапини икки қилмаганлиги сабаб яхши тарбия кўрадилар. Шунинг учун юқори интеллект ва чиройли ахлоқли бўлишади. Отлар феъл-атворидаги асосий хусусият – бу унинг кутилмаган хатти-ҳаракатлари.
От йилида туғилган аёллар ҳақида гап кетганда, ювош хонимлар ва намунали уй бекалаларини тасаввур қилиш қийин. Чунки бу аёллар мустақил ва эркин шахс, унинг эркинлигини чегаралаш мумкин эмас. У ёнида суянадиган кишиси бўлмаса ҳам яшаб кета олади. Кайфияти ўзгарувчанлиги кўпинча атрофдагилар билан муносабати бузилишига сабаб бўлади. Отлар янги ғояларини амалга оширишга бор кучлари билан шошилиб киришадилар ва хатоларини сезмай қоладилар.
Никоҳда Отларни ҳис-туйғуларига қулоқ тутиб яшайдиган инсонлар сирасига киритиш мумкин. Улар ёқимтой ва ўзининг яхши томонларини кўрсата олади. Агар Отлар жавобсиз муҳаббатга дуч келишса, бу улар учун оғир синовдек қарши олинади. Айрилиқни улар кучли зарба сифатида қабул қилади, тушкунликка тушиб қолади. Муносабатларда ғамхўр. Отлар никоҳ қуришга шошилишмайди, чунки ишини, шахсий дахлсизлигини биринчи ўринга қўядилар.
Отларнинг жаҳли тезлиги дўстлар орттиришига тўсқинлик қилмайди. Керак пайти у дўстига ҳам маънан ва моддий томондан ёрдам беришга тайёр бўлади. Фақат Отларнинг ўзгарувчан кайфиятига қараш керак, жаҳли чиқиб турган пайти яқинлашмаган маъқул. Тиним билмай меҳнат қилиш Отларга хос жиҳат. Отларни қатъий рамкага солиб бўлмайди, бундай ҳолатда у бор қобилиятларни кўрсата олмайди. Бу ҳатто унинг ишчанлик қобилиятини сусайтириб, ҳафсаласини бутунлай йўқотиши мумкин. Отлардан яхши молиячилар, рассомлар, экскурсоводлар, архитекторлар ва тадбиркорлар чиқади.
Машҳурлардан Рембрант, Теодор Рузвельт, Нельсон Мандела, Томас Эдисон, Александр Солженицин, Нил Армстронг, Пол Маккартни, Харрисон Форд, Жеки Чан, Жон Траволта кабилар От йилида туғилган.
#muchal #ot #taqdir