Чингизхоннинг ҳаёти тарихи қон тўкишлар, босқинлар, муҳаббат ва қасосга тўла. Аммо бу тарих. Жумбоқларга кўмилган афсоналар, фаразлар, тахминлар эса саркарданинг ўлимидан сўнг бошланди. Нега ҳалигача Чингизхоннинг қабри топилмаган? Саркарда нима учун ўз қабрини сир сақлашни хоҳлаган? Вафотига сабаб нима? Келинг, шу каби саволларга жавоб қидирамиз.
Афсоналарда айтилишича, жон бераётганида Чингизхон ўзи дафн этиладиган жойни қаттиқ сир сақлашни буюрган. Қайғудаги жангчилар саркарданинг жонсиз танасини олиб кетишаркан, йўлларидан чиққан гувоҳларни қиличдан ўтказишган. Чингизхонни дафн этишгандан сўнг бирор бир из қолдирмаслик учун унинг қабри устидан минглаб отларни қўйиб юборишган. Мўғул хроникалари ва саёҳатчи Марко Полонинг ёзувларига кўра, Чингизхоннинг тобутини ясаган барча қуллар махсус жангчилар томонидан ўлдирилган. Вазифа бажариб бўлингач, жангчиларнинг ўзи ҳам қатл этилган. Хоннинг жасади солинган тобут Гоби чўли орқали белгиланган жойга қараб олиб кетилар экан, Чингизхоннинг ўлимидан хабар топган киши борки, омон қолдирилмаган.
Орадан 800 йил ўтибдики, ҳеч ким Чингизхоннинг қабрини тополмади. Халқаро экспедициялар тарихий ёзувларга таяниб сағанани топишга уриниб кўришди, маҳаллий ландшафт, ҳатто коинотдан олинган суратларни ўрганиб чиқишди. Чингизхон дафн этилган жойни аниқлаш ниятида National Geographic сунъий йўлдош орқали олинган суратлардан фойдаланди. Бироқ натижа йўқ. Бу қидирув ишлари билан одатда хорижлик мутахассислар шуғулланди, мўғулларнинг ўзлари эса хоннинг қабри топилишини истамайди. Нега? Бунга бир нечта сабаблар бор. Мўғуллар ҳозиргача ўзларининг буюк аждодларига чуқур эҳтиром кўрсатишади. Чингизхон бугун ҳам мўғуллар учун куч-қудрат тимсоли. Мўғул халқи қадимги анъаналарга ҳурмат билан қарайди. Буюк хоннинг қабри очилиши - унинг сўнгги хоҳишига қарши бориш дегани. Яна кўпчилик Чингизхоннинг қабри топилса ва очилса, ҳалокатли уруш бошланишига ишонади. Самарқандда буюк лашкарбоши Амир Темурнинг қабри очилганидан сўнг Иккинчи жаҳон уруши бошланганини мисол қилиб кўрсатадилар.
(Батафсил видеода)